«Реал Мадрид» ва Тебас ўртасидаги можарога Испания ҳукумати аралашиши мумкин
«Реал Мадрид» ва Ла Лига президенти Хавьер Тебас ўртасидаги можаро янги босқичга кўтарилди. Испания Олий спорт кенгаши (CSD) Тебаснинг Мадрид клуби ҳақидаги баҳсли баёнотлари юзасидан ўз ташаббуси билан текширув бошлаш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бунга мутасаддининг «Реал Мадрид TV» фаолиятини нацистлар Германиясидаги тарғибот усулларига қиёслагани сабаб бўлган. Бу ҳақда EFE ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Манбага кўра, Хавьер Тебас ижтимоий тармоқлардаги чиқишида «Реал Мадрид TV»ни воқеаларни бир томонлама ёритиш, айрим фактларни такрорлаш ва клубни доимий равишда жабрланувчи сифатида кўрсатишда айблаган. У мазкур усулларни нацистлар Германиясининг тарғибот вазири Йозеф Геббельс қўллаган усулларга ўхшатган. Шу билан бирга, Тебас таққослаш клубнинг мафкураси ёки мухлисларига эмас, айнан ахборот тарқатиш услубига тегишли эканини таъкидлаган.
«Реал Мадрид» ушбу баёнотга кескин муносабат билдириб, Тебаснинг Ла Лига президенти ва Испания футбол федерацияси вице-президенти лавозимларидан зудлик билан истеъфога чиқишини талаб қилган. Олий спорт кенгаши вазиятга аралашиши мумкинлиги ҳақидаги хабардан сўнг Тебас ҳам ўз муносабатини билдирди. У бундай эҳтимолдан ҳайратда эканини айтиб, сўзлари тўлиқ ва холис баҳоланишини талаб қилди. Мутасаддининг фикрича, сўз эркинлиги барча учун бир хил қўлланилиши керак.
Маълумот учун, Испаниянинг Спортда шаффофлик ва демократия ассоциацияси президенти Мигел Галан ҳам Хавьер Тебас устидан Олий спорт кенгашига навбатдаги шикоятини юборган. У мутасаддини лавозимидан четлатиш ва спорт бошқарувидаги фаолиятини тақиқлашни талаб қилмоқда. Галаннинг маълум қилишича, бу унинг Тебасга қарши саккизинчи шикояти ҳисобланади. Ҳозирча Олий спорт кенгаши расмий текширув бошлагани ёки Ла Лига президентига нисбатан интизомий жазо қўллангани тасдиқланмаган.