«Реал Мадрид» Сандро Тонали учун 75 миллион евро сарфлашга тайёр
Италия терма жамоаси ва «Ньюкасл» яримҳимоячиси Сандро Тонали фаолиятини Ла Лигада давом эттириши мумкин. TuttoJuve нашри тарқатган хабарга кўра, Мадриднинг «Реал» клуби футболчига жиддий қизиқиш билдираётгани ва уни ёзги трансфер ойнасида ўз сафига қўшиб олишни режалаштирган.
Манбанинг таъкидлашича, «қаймоқранглилар» ушбу трансфер учун 75 миллион евро маблағ ажратишга тайёр. Аввалроқ, Тоналининг хизматларига Лондоннинг «Арсенал» ҳамда «Манчестер Сити» клублари ҳам қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Жорий мавсумда 25 ёшли италиялик хавбек Англия Премьер-лигасида 25 та учрашувда майдонга тушиб, битта голли узатмани амалга оширди. Тоналининг «қарғалар» билан амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали футболчининг бозор қийматини айнан 75 миллион еврога баҳоламоқда.