«Реал Мадрид» раҳбарияти Алваро Арбелоанинг бошқарув услубидан мамнун
Мадриднинг «Реал» клуби раҳбарияти жамоанинг янги бош мураббийи Алваро Арбелоанинг юлдузли футболчилар билан мулоқот қилиш услубини юқори баҳоламоқда. The Touchline нашрининг хабар беришича, клуб мутасаддилари испаниялик мутахассиснинг жамоани бошқариш тактикасида «ниҳоятда мамнун».
Манбанинг маълум қилишича, Арбелоанинг устунлиги шундаки, у «қаймоқранглилар» етакчиларига майдонда кенг ҳаракат эркинлигини тақдим этмоқда ва уларга минимал даражадаги кўрсатмалар билан чекланмоқда. Бу эса юлдузли таркибга ўз салоҳиятини эркинроқ намоён этиш имконини бераяпти.
Шунингдек, клуб ички муҳитида Арбелоанинг услуби аввалги мураббий Хаби Алонсоники билан солиштирилмоқда. Гарчи «Реал» раҳбарияти Алонсони маҳоратили мураббий деб ҳисобласа-да, унинг «Қироллик клуби» етакчилари олдига қўйган ҳаддан ташқари юқори талаблари футболчиларга маъқул келмагани айтилмоқда. Жамоа юлдузлари бундай қатъий талабчанликка кўникмаганликлари маълум бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Хаби Алонсо ўтган йилнинг ёзида «Реал» бош мураббийи этиб тайинланган эди, бироқ жорий йилнинг 12 январ куни клуб у билан ҳамкорлик тўхтатилганини эълон қилди. Орадан бир кун ўтиб, 13 январдан бошлаб жамоа бошқарувини Алваро Арбелоа ўз қўлига олди.