“Реал Мадрид” “Манчестер Юнайтед”нинг 16 ёшли ҳужумчисини сотиб олишга яқин
Мадриднинг “Реал” клуби “Манчестер Юнайтед” академияси тарбияланувчиси Жей-Жей Габриэлни ўз сафига қўшиб олишга яқин турибди. Испания гранди 16 ёшли ҳужумчининг трансферини амалга ошириш учун футболчи ва инглиз клуби талабларини бажаришга тайёр. Бу ҳақда Bernabéu Digital нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, “Реал Мадрид” ёш футболчининг трансфери учун тахминан 15 миллион евро сарфлаши мумкин. Габриэл эса янги клубидан йилига камида 1 миллион евро маош талаб қилмоқда. Мадридликлар ушбу шартларни қабул қилишга тайёр экани айтилмоқда.
Габриэлга “Реал Мадрид”дан ташқари “Барселона”, “Бавария” ва ПСЖ клублари ҳам қизиқиш билдирмоқда. Бироқ ҳозирча мадридликлар трансфер учун курашда асосий даъвогар ҳисобланмоқда. Футболчининг ўзи “Манчестер Юнайтед” асосий жамоасида етарли имконият олмаганидан норози бўлиб, клубни тарк этиш истагини билдирган.
Маълумот учун, Жей-Жей Габриэл 11 ёшидан буён “Манчестер Юнайтед” академиясида шуғулланади. 2026 йил октябрь ойида 16 ёшга тўлган ҳужумчи Англия футболидаги истиқболли ёш иқтидорлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. “Реал Мадрид” уни дастлаб иккинчи жамоага жалб этиб, кейинчалик асосий таркибга босқичма-босқич мослаштиришни режалаштирмоқда.