«Real Madrid» Майкл Олис ҳақидаги миш-мишларни рад этди
Мадриднинг «Реал» клуби «Бавария»нинг қанот ҳужумчиси Майкл Олиснинг эҳтимолий трансфери атрофида тарқалган хабарлар фонида расмий баёнот берди.
«Турли оммавий ахборот воситаларда клубимизнинг «Бавария» футболчиси Майкл Олисга бўлган қизиқиши ҳақида тарқалган хабарларга жавобан, «Реал Мадрид» юқорида номи тилга олинган ўйинчи, унинг вакиллари ёки унинг атрофидаги бирор бир шахс билан тўғридан-тўғри ёки билвосита алоқада бўлмаганини маълум қилади.
Шунингдек, «Реал» узоқ йиллик ўзаро ҳурмат, ҳамкорлик ва эътирофга асосланган «Бавария» клуби билан ўртасидаги ажойиб институционал муносабатларни алоҳида таъкидлайди ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган бундай асоссиз миш-мишлар тарқалганидан афсусда эканини билдиради.
Ҳар икки клуб муносабатлари доимо ишонч ва ўзаро ҳурмат тамойилларига таянилиб келган. Бу, энг аввало, бошқа клубга тегишли бўлган футболчига нисбатан ҳар қандай эҳтимолий қизиқиш, дастлаб клубларнинг ўзи ўртасида, тарихан «Бавария» ва «Реал» алоқаларини тартибга солиб келган институционал содиқлик қоидаларига мувофиқ ҳал қилиниши керак деган умумий ишончда акс этади», — дейилади мадридликлар расмий сайтида эълон қилинган баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Реал»нинг француз вингерига қизиқаяётгани ҳақида инсайдер Фабрицио Романо, шунингдек, Marca, Mundo Deportivo ва AS каби нуфузли нашрлар хабар тарқатган эди.