locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

‘‘Реал Мадрид’’ Ла Лига президентининг истеъфосини расман талаб қилди

Бунга Тебаснинг клуб раҳбарияти ва ‘‘Реал Мадрид TV’’ фаолиятини нацистлар Германиясида қўлланилган тарғибот усулларига қиёслагани сабаб бўлди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Фото: Getty Images

Мадриднинг ‘‘Реал’’ клуби Испания Ла Лигаси президенти Хавьер Тебаснинг зудлик билан истеъфога чиқишини талаб қилди. Бунга Тебаснинг клуб раҳбарияти ва ‘‘Реал Мадрид TV’’ фаолиятини нацистлар Германиясида қўлланилган тарғибот усулларига қиёслагани сабаб бўлди. Мадрид клуби 16 октябрь куни расмий баёнот эълон қилиб, мутасаддининг сўзларини кескин қоралади. Бу ҳақда ‘‘Реал Мадрид’’ расмий сайти хабар бермоқда.

Манбага кўра, Хавьер Тебас ижтимоий тармоқдаги чиқишида ‘‘Реал Мадрид TV’’нинг ахборот тарқатиш усулларини нацистлар Германиясининг тарғибот вазири Йозеф Геббельс қўллаган усулларга ўхшатган. У мазкур таққослаш клубнинг мафкураси ёки мухлисларига эмас, балки ахборот етказиш услубига тегишли эканини таъкидлаган. Бироқ ‘‘Реал Мадрид’’ раҳбарияти бу изоҳни қабул қилмади ва бундай таққослашни ҳақоратли ҳамда Испания футболи раҳбари мақомига номуносиб деб баҳолади.

Клуб баёнотида Тебаснинг ‘‘Реал Мадрид’’га нисбатан бир неча бор танқидий муносабат билдиргани ва унинг холислиги шубҳа остига олингани ҳам қайд этилди. Мадридликлар ‘‘Барселона’’нинг собиқ ҳакамлик мутасаддиси Хосе Мария Энрикес Негрейрага амалга оширган тўловлари билан боғлиқ иш юзасидан ҳам саволлар кўтарди. Клуб ушбу масала бўйича УЕФАга мурожаат қилганини билдириб, Испаниядаги ҳакамлик тизими ва футбол бошқаруви тузилмаларини тубдан ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлади.

Маълумот учун, Хавьер Тебас 2013 йилдан буён Испания Ла Лигаси президенти лавозимида фаолият юритиб келмоқда. У 2023 йилда навбатдаги муддатга қайта сайланган бўлиб, ваколати 2027 йилгача давом этиши керак. Шунингдек, Тебас Испания қироллик футбол федерацияси вице-президенти ҳисобланади.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг