«Реал Мадрид» Арда Гюлер билан янги узоқ муддатли шартнома бўйича келишувга эришди
«Реал Мадрид» ярим ҳимоячиси Арда Гюлер клуб билан янги узоқ муддатли шартнома имзолаш арафасида. Томонлар келишувнинг барча тафсилотларини ҳал қилган ва энди фақат расмий жараёнлар ҳамда клуб баёноти қолган. Бу ҳақда Фабрицио Романо маълумотларига таяниб, FootballTransfers нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Гюлернинг янги шартномаси 2032 йил ёзига қадар амал қилиши кутилмоқда. Унинг амалдаги келишуви 2029 йилгача мўлжалланган эди. Янги битим доирасида 21 ёшли туркиялик футболчининг маоши ҳам сезиларли даражада оширилади. Романо келишув «тўлиқ якунланган ва тасдиқланганини», расмий эълон санасини эса «Реал Мадрид» белгилашини таъкидлаган.
Арда Гюлер 2023 йилда «Фенербахче»дан «Реал Мадрид»га 28 миллион евро эвазига трансфер қилинган. Ўтган мавсумда у барча мусобақаларда 51 та учрашувда қатнашиб, 6 та гол урди ва 14 та голли узатмани амалга оширди. Ҳозирда футболчи Жозе Моуриньо жамоасининг муҳим футболчиларидан бирига айланган.
Маълумот учун, Арда Гюлер «Реал Мадрид» сафида барча мусобақаларда жами 119 та учрашув ўтказиб, 19 та гол ва 28 та голли узатма қайд этган. Жорий 2026/27 мавсумида эса унинг ҳисобида 7 та расмий учрашувда 1 та гол ва 3 та ассист бор.