«Реал» кетма-кет иккинчи мавсум Чемпионлар Лигаси яримфиналига чиқа олмади
Мадридликлар икки ўйин натижасига кўра «Бавария»га имкониятни бой бериб қўйди.
ФОТО: Getty Images
«Реал» кетма-кет иккинчи мавсумда Чемпионлар Лигасининг яримфиналига чиқа олмади. Мадрид клуби чорак финалда икки ўйин натижасига кўра Мюнхеннинг «Бавария» жамоасига имкониятни бой берди.
Дастлабки учрашувда Германия клуби 2:1 ҳисобига эга бўлган бўлса, жавоб баҳсида ҳам «Бавария»нинг қўли баланд келди — 4:3. Ўйин «Арена Мюнхен» стадионида бўлиб ўтди ва унда Славко Виншич бош ҳакамлик қилди.
Ўтган мавсумда ҳам Мадрид клуби айнан шу босқичда Лондоннинг «Арсенал» жамоасига мағлуб бўлиб (0:3, 2:1), мусобақани тарк этган эди.
Маълумот учун, Чемпионлар Лигасининг амалдаги ғолиби «ПСЖ» ҳисобланади. Ўтган йилги финалда Франция клуби Миланнинг «Интер» жамоасини 5:0 ҳисобига тормор келтирган эди.
Насрулло Каримов
Журналист