«Реал» келаётган ёзда Вальвердени сотиб юбориши мумкин
Мадриднинг «Реал» клубида кийиниш хонасида катта обрўга эга бўлган баъзи футболчилар жамоа раҳбариятидан яримҳимоячи ва сардор Федерико Вальвердени келаётган ёзда сотиб юборишни сўрамоқда. Бу ҳақда журналист Рамон Алварес де Мон хабар берди.
Манба берган маълумотга кўра, уругвайлик футболчининг сотилиши масаласи «қаймоқранглилар» раҳбарияти учун «жуда нозик» мавзу ҳисобланади, бунга Вальверденинг «Реал» билан бирга босиб ўтган узоқ ва муваффақиятли йўли сабабдир.
Эслатиб ўтамиз, пайшанба куни, 7 май санада машғулот вақтида Вальверде ва яримҳимоячи Аурелиан Тчуамени ўртасида оғзаки низо келиб чиққан, у кейинчалик кийиниш хонасида муштлашувга айланиб кетгани маълум бўлган эди. Тўқнашув натижасида уругвайлик футболчининг боши ёрилган ва у шифохонага етказилган эди. Ҳар икки ўйинчи ҳам клуб томонидан 500 минг евро миқдорида жаримага тортилади.