“Реал” ҳимоячиси Раул Асенсио муваффақиятли операция қилинди
“Реал Мадрид” ҳимоячиси Раул Асенсио ўнг болдир суягидаги стресс синиши сабаб жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди. Операция муваффақиятли ўтди ва футболчи яқин кунларда тикланиш жараёнини бошлайди. Бу ҳақда “Реал Мадрид” расмий сайти хабар бермоқда.
Манбага кўра, Асенсиони ушбу жароҳат жорий йилнинг январидан буён безовта қилиб келган. Терма жамоалар ўйинлари сабаб юзага келган уч ҳафталик танаффусда ҳимоячи консерватив даволаниш орқали муаммони бартараф этишга уринган, бироқ бу усул кутилган натижани бермаган.
Операция “Реал Мадрид” тиббий штаби назорати остида ўтказилган. Испания ОАВ маълумотларига кўра, футболчининг тикланиш жараёни тахминан 2–3 ой давом этиши мумкин, бироқ клуб ҳозирча унинг майдонга қайтиш муддатини расман эълон қилмаган.
Маълумот учун, 23 ёшли Асенсио жорий мавсумда “Реал Мадрид” сафида ҳали расмий учрашувда майдонга тушмаган. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2031 йилгача мўлжалланган.