«Реал» Бруну Гимараеш учун курашга қўшилди
«Манчестер Юнайтед» клуби «Ньюкасл Юнайтед» яримҳимоячиси ва сардори Бруну Гимараешни тахминан 80 миллион евро эвазига сотиб олиш бўйича фаол музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Reuters нашри хабар тарқатди.
Манбанинг таъкидлашича, 28 ёшли футболчининг «қизил иблислар» сафида ўйнашига Мадриднинг «Реал» клуби тўсиқ бўлиши мумкин. «Қироллик клуби» келаётган ёзда Эдуарду Камавинганинг жамоадан кетиши эҳтимоли фонида Гимараешнинг ҳолатини диққат билан кузатиб бормоқда.
Қайд этилишича, «Реал» бразилиялик футболчи номзодини ҳали 2022 йилда кўриб чиққан эди.
Жорий мавсумда Гимараеш барча турнирлар доирасида 35 та учрашувда майдонга тушиб, 9 та гол ва 7 та самарали узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Футболчининг «Ньюкасл» билан амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ёзигача амал қилади. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, унинг бозор қиймати 75 миллион еврони ташкил этади.