Расман: Жаҳон чемпиони Лукаш Подольски фаолиятини якунлади
40 ёшли футболчи 2014 йилги мундиалда ғолиб бўлганди.
ФОТО: Getty Images
Германия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Лукаш Подольски профессионал футболчилик фаолиятига якун ясади. Бу ҳақда у охирги пайтларда тўп суриб келаётган Польшанинг «Гурник» клуби матбуот хизмати хабар берди.
«Бир саҳифа ёпилди. Янги эра бошланмоқда. Жаҳон чемпиони Лукаш Подольски шу дам олиш кунларида ўзининг муваффақиятли фаолиятини якунлайди. Энди у ўз болалик клуби — «Гурник»нинг тўлақонли хўжайини (эгаси)га айланади. Ҳаммаси учун раҳмат, Полди!» — дейилади Польша клуби баёнотида.
Маълумот учун, 40 ёшли футболчи ўз фаолияти давомида «Кёльн», «Бавария», «Арсенал», «Интер», «Галатасарай», «Виссел Кобе» ва «Антальяспор» каби клубларда ўйнаган. Подольски Германия терма жамоаси сафида 2014 йилги Жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан эди.
Насрулло Каримов
Журналист