Расман: «Валенсия» Хавьер Агиррени бош мураббий этиб тайинлади
«Валенсия» Хавьер Агиррени жамоанинг янги бош мураббийи этиб тайинлади. 67 ёшли мексикалик мутахассис билан 2026/27 йилги мавсум якунига қадар шартнома имзоланган, клубда келишувни яна бир йилга узайтириш имконияти ҳам мавжуд. Бу ҳақда «Валенсия» матбуот хизмати маълум қилди.
Агирре аввалроқ истеъфога чиқарилган Карлос Корберан ўрнини эгаллайди. Корберан кетганидан кейин жамоани вақтинча Оскар Санчес бошқариб турган эди. Янги мураббийнинг асосий вазифаси мавсумни омадсиз бошлаган «Валенсия»ни хавфли ҳудуддан олиб чиқиш бўлади.
Тажрибали мутахассис учун бу Испания футболидаги еттинчи клуб бўлади. У фаолияти давомида «Осасуна», «Атлетико Мадрид», «Сарагоса», «Эспаньол», «Леганес» ва «Мальорка» жамоаларини ҳам бошқарган. Агирренинг сўнгги иш жойи Мексика терма жамоаси бўлиб, у жамоани 2026 йилги Жаҳон чемпионатида бошқарган.
Маълумот учун, «Валенсия» Ла Лиганинг дастлабки 7 туридан сўнг 4 очко жамғариб, турнир жадвалининг 19-поғонасида бормоқда. Агирре 28 сентябрь куни «Месталья» стадионида расман таништирилади.