Расман: Урс Фишер — «Майнц» бош мураббийи
Томонлар ўртасида 2028 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган шартнома имзоланди.
ФОТО: Getty Images
Германиянинг «Майнц» клуби расмий сайтида Урс Фишерни бош мураббий этиб тайинланганини эълон қилди. 59 ёшли швейцариялик мутахассис клуб билан 2028 йил ўрталаригача мўлжалланган шартнома имзолади.
Клуб аввал Бо Ҳенриксен билан хайрлашган эди. Унинг ишдан бўшатилишидан сўнг жамоа ўз майдонида «Боруссия М»га 0:1 ҳисобида ютқазди.
Урс Фишернинг аввалги жамоаси Берлиннинг «Юнион»и бўлиб, у 2023 йил ноябрида клубни тарк этган.
Ҳозирги вақтда «Майнц» 2025/2026 йилги Бундеслиганинг турнир жадвалида 13 турдан сўнг 6 очко билан 18-ўринда бормоқда. Кейинги учрашувни жамоа 11 декабрь куни Конференциялар лигасида сафарда «Лех»га қарши ўтказади.
Насрулло Каримов
Журналист