Расман: Рафинья жароҳатидан фориғ бўлди
«Барселона» жамоасининг қанот ҳужумчиси Рафинья жароҳатидан сўнг тўлиқ тикланди. Бу ҳақда Каталония клуби матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бразилиялик вингер Испания Ла Лигасининг 24-тури доирасида бўлиб ўтадиган «Жирона»га қарши баҳсда иштирок этиши мумкин. Ўйин бугун, 16 февраль куни Тошкент вақти билан тунги соат 01:00 да (17-февралга ўтар кечаси) бошланади.
Аввалроқ Испания ОАВлари бразилиялик футболчи жамоанинг асосий таркиби билан машғулотларни бошлагани ҳақида хабар берган эди. Бироқ «кўк-анорранглилар» раҳбарияти уни эҳтиёт қилиш мақсадида «Жирона»га қарши ўйинда илк дақиқалардан майдонга туширмаслиги тахмин қилинмоқда.
29 ёшли бразилиялик футболчи жароҳати сабабли сўнгги учта ўйинни ўтказиб юборган эди. Жорий мавсумда у 22 та учрашувда майдонга тушиб, 13 та гол уришга ва 5 та голли узатмани амалга оширишга муваффақ бўлди.