Расман: Муҳаммад Салоҳ мавсум якунида «Ливерпул»ни тарк этади
Ҳужумчи Муҳаммад Салоҳ ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали жорий мавсум якунлангач, «Ливерпул»дан кетишини эълон қилди.
«Ҳаммага салом. Афсуски, ўша кун етиб келди. Бу менинг хайрлашувимнинг биринчи қисми. Мавсум охирида «Ливерпул»ни тарк этаман. Шуни айтишим керакки, ушбу клуб, бу шаҳар ва бу инсонлар ҳаётимнинг қандай муҳим қисмига айланишини тасаввур ҳам қилмагандим. «Ливерпул» шунчаки футбол клуби эмас, бу — иштиёқ, тарих ва руҳдир. Буни сўз билан тушунтириб бера олмайман.
Биз ғалабаларни бирга нишонладик, энг муҳим совринларни қўлга киритдик. Ҳаётимизнинг энг қийин дамларида бирга курашдик. Бу ерда бўлган вақтим давомида клубнинг бир қисми бўлган барчага, айниқса, собиқ ва ҳозирги жамоадошларимга, шунингдек, мухлисларга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Фаолиятимнинг энг ёрқин дамларида кўрсатган қўллаб-қувватловингиз ва оғир лаҳзаларда ёнимда турганингизни ҳеч қачон унутмайман», — деди Салоҳ ўзининг видео мурожаатида.
Салоҳ 2017 йилдан буён «Ливерпул» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида 33 ёшли ҳужумчи барча турнирлар доирасида 435 та ўйинда майдонга тушиб, 255 та гол ва 122 та голли узатмага муаллифлик қилди. Футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган эди. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, мисрлик юлдузнинг бозор қиймати 30 миллион еврони ташкил этади.