Расман: Маскерано «Интер Майами» бош мураббийлигидан кетди
Аргентиналик мутахассиснинг флоридаликлар билан тузган шартномаси 2027 йилга қадар мўлжалланган эди.
ФОТО: Getty Images
«Интер Майами» бош мураббийи Хавьер Маскерано эгаллаб турган лавозимидан кетишга қарор қилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.
«Хавьер Маскерано бош мураббий сифатидаги фаолиятини якунлашга қарор қилди. Ўз штаби билан бирга «Интер Майами» оиласининг ажралмас қисмига айланган ва клубимизнинг илк юлдузи (чемпионлиги) билан номи абадий боғланиб қолган чемпион», — дейилади «фламинго»лар баёнотида.
Аргентиналик мутахассис «Интер Майами»ни 2025 йилнинг бошида қабул қилиб олган эди. Унинг амалдаги шартномаси 2027 йил якунига қадар мўлжалланган эди. Маскерано қўл остида жамоа MLS Кубогида ғолиб чиқишга муваффақ бўлди.
Насрулло Каримов
Журналист