Расман: Марк Гиу “Челси”дан “РБ Лейпциг”га ўтди
Германиянинг “РБ Лейпциг” клуби “Челси” ҳужумчиси Марк Гиу трансферини расман эълон қилди. 20 ёшли испаниялик футболчи янги жамоаси билан 2031-йилгача мўлжалланган шартнома имзолади.
Гиу “РБ Лейпциг” сафида 9-рақамли футболкада ҳаракат қилади. Ҳужумчининг сўзларига кўра, немис клубининг ёш футболчиларни ривожлантиришдаги тажрибаси ва юқори мақсадлари унинг қарорига таъсир қилган.
Трансфернинг расмий қиймати маълум қилинмаган. Бироқ ОАВ маълумотларига кўра, “РБ Лейпциг” футболчи учун “Челси”га 17 миллион евро тўлаган бўлиши мумкин. Гиу Лондон клубида барча мусобақаларда 29 та учрашув ўтказиб, 8 та гол урган.
Маълумот учун, Марк Гиу “Барселона” академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2023-йилда каталонияликлар асосий жамоасида дебют қилган, 2024-йил ёзида эса “Челси”га кўчиб ўтган. Лондон клуби билан UEFA Конференциялар лигаси ва FIFA Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан.