Расман. Марк Геҳи – «Манчестер Сити» футболчиси
Англиялик марказий ҳимоячи Марк Геҳи "Манчестер Сити" билан шартнома имзолади ва "Кристал Пэлас"дан ўтишини якунлади, деб хабар беради клуб расмий сайти.
«Манчестер Сити» 25 ёшли англиялик футболчининг трансфери учун 23 миллион евро тўлайди. Футболчи клуб билан 2031 йилгача мўлжалланган шартнома имзолаган.
Ўтган ёзда ҳимоячи 40 миллион евро эвазига "Ливерпул"га ўтишига оз қолган эди, бироқ сўнгги дақиқада келишув барбод бўлди.
"Челси" ёшлар академияси тарбияланувчиси бўлган Геҳи 2021 йилнинг ёзида 23 миллион евро эвазига "Кристал Пэлас"га ўтган эди. Унинг амалдаги шартномаси 2026 йилнинг 30 июнига қадар тузилган ва Transfermarkt унинг бозор нархини 55 миллион еврога баҳолаган.
Жорий мавсумда Марк Лондон клуби сафида 33 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди.