Расман: Кирaн Триппьер мавсум якунида «Ньюкасл»ни тарк этади
Англиялик тажрибали ҳимоячи Кирaн Триппьер жорий мавсум якунлангач, «Ньюкасл» клуби билан хайрлашади. Бу ҳақда «қарғалар» расмий сайти маълум қилди.
Футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси шу йилнинг ёзига қадар мўлжалланган бўлиб, томонлар келишувни узайтирмасликка қарор қилишди. Триппьер «Ньюкасл» шарафини 2022 йилнинг январ ойидан буён ҳимоя қилиб келмоқда. Ўтган вақт мобайнида у жамоа сафида барча мусобақаларда 157 та учрашувда майдонга тушиб, 4 та гол ва 29 та самарали узатмага муаллифлик қилди.
Ҳимоячи «Ньюкасл» таркибида 2024/2025 йилги мавсумда Англия Лига Кубоги ғолиблигини қўлга киритишга муваффақ бўлди.
Кирaн Триппьер «Манчестер Сити» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Фаолияти давомида у «Бернли», «Тоттенхем» ва Мадриднинг «Атлетико» жамоаларида ҳам тўп сурган. Ҳозирча футболчининг кейинги манзили борасида расмий маълумотлар мавжуд эмас.