Расман: Илҳом Мўминжонов «Металлург»дан кетди
Бекободнинг “Металлург” жамоаси бош мураббийи Илҳом Мўминжонов истеъфо беришга қарор қилди.
“Сир эмаски, мавсум стартидан аввал жамоа олдига Суперлигага чиқиш вазифаси қўйилган эди. Бироқ биринчи давра давомида бир нечта ўйинларда аламли тарзда очколарни қўлдан чиқарган “Металлург” етакчилар қаторидан тушиб, жадвалда бир нечта поғона пастлаб кетди.
Куни кеча чемпионатнинг 14-тури доирасида жамоамиз Бекободда Фарғонанинг “Яйпан” клубини қабул қилди ва ҳисобда олдинга бораётганига қарамай, ғалаба ва қимматли очколарни қўлдан бой берди.
Ўйиндан кейин жамоамиз бош мураббийи Илҳом Мўминжонов раҳбариятдан истеъфо сўради. Юзага келган вазият, мураббийнинг сўрови ва барча деталларни инобатга олган ҳолда клуб раҳбарияти мураббий аризасини қабул қилди”, – дейилади клуб матбуот хизмати хабарида.
Маълумот учун, Илҳом Мўминжонов қўл остида чемпионат доирасида 14 та учрашув ўтказган “Металлург” 6 бор ғалаба қозонди ва 4 тадан дуранг ҳамда мағлубият қайд этди.