Расман: Игор Тудор — «Тоттенҳем» бош мураббийи
«Тоттенҳем» клуби ўз расмий сайтида Игор Тудор жамоанинг янги бош мураббийи этиб тайинланганини эълон қилди. Хорватиялик мутахассис «шпорлар»ни жорий мавсум якунига қадар бошқариб бориши таъкидланган.
«Игор бизга аниқ мақсад билан қўшилди: натижаларни яхшилаш, муваффақиятга эришиш ва Премьер-лига турнир жадвалида юқорига кўтарилиш. Унинг вазифаси оддий — мавсумнинг ҳал қилувчи палласида жамоага тартиб, шиддат ва рақобатбардошликни олиб кириш», — дейилади «Тоттенҳем» баёнотида.
Лондон клубига тайинланишидан аввал 47 ёшли мутахассис «Ювентус», «Лацио», «Марсел» ва «Верона» каби жамоаларни бошқарган. У ушбу лавозимда бир неча кун олдин истеъфога чиқарилган Томас Франкнинг ўрнини эгаллади.
Англия чемпионатининг 26 туридан сўнг «Тоттенҳем» 29 очко жамғарган ҳолда, турнир жадвалида 16-ўринни эгаллаб турибди. Тудорнинг дебют ўйини келаси якшанба куни «Арсенал»га қарши Шимолий Лондон дербисига тўғри келади.