Расман: Игор Тудор олти ҳафталик фаолиятидан сўнг «Тоттенхем» тарк этди
Лондоннинг «Тоттенхем» клуби жамоа бош мураббийи Игор Тудорнинг истеъфога чиқарилганини расман эълон қилди.
«Биз бош мураббий Игор Тудор ўзаро келишувга кўра клубни тарк этаётганини тасдиқлаймиз. Шунингдек, дарвозабонлар мураббийи Томислав Рогич ва жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Риккардо Рагначчи ҳам ўз лавозимларини тарк этишди.
Игор, Томислав ва Риккардога сўнгги олти ҳафта давомидаги тинимсиз меҳнатлари ва ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирамиз. Шунингдек, яқин инсонидан айрилгани муносабати билан Игорга ҳамдардлик билдирамиз ва ушбу оғир дамларда унинг оиласини қўллаб-қувватлаймиз.
Янги бош мураббий ҳақидаги маълумотлар яқин вақт ичида эълон қилинади», — дейилади клуб баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, лондонликлар жорий йилнинг ўзида Ангелос Постекоглу ва Томас Франк билан ҳам хайрлашган эди. Шундай қилиб, клуб бир йил ичида учинчи бор бош мураббийни ишдан бўшатди.
Игор Тудор 14 февралдан буён жамоани бошқариб келаётган эди. Унинг қўл остида «шпорлар» 7 та учрашувда 5 та мағлубият қайд этишди. Айни дамда жамоа 30 очко билан АПЛ турнир жадвалида 17-ўринни эгаллаб турибди ва хавфли ҳудуддан (пастга тушиб кетиш зонасидан) бор-йўғи бир очко олдинда.