locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Расман: Гана терма жамоаси Отто Аддони истеъфога чиқарди

Германияга қарши ўртоқлик ўйинида мағлубиятдан сўнг бош мураббий лавозимидан озод этилди.
Футбол
Насрулло Каримов
Насрулло Каримов
Журналист
ФОТО: Getty Images

Гана терма жамоаси ўртоқлик учрашувида Германияга 1:2 ҳисобида имкониятни бой бергач, бош мураббий Отто Аддо лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Гана футбол федерацияси расмий сайти хабар бермоқда.

«Гана футбол ассотсиацияси (GFA) эркаклар миллий терма жамоаси (Black Stars) бош мураббийи Отто Аддо билан хайрлашди ва ушбу қарор дарҳол кучга киради», — дейилади ташкилот баёнотида.

Ҳозирча Аддонинг ўрнини ким эгаллаши ёки истеъфонинг аниқ сабаблари борасида қўшимча тафсилотлар очиқланмаган.

Ушбу қарор терма жамоанинг ўртоқлик ўйинларидаги муваффақиятсиз серияси фонида қабул қилинди — жамоа кетма-кет тўртта ўйинда мағлубиятга учради. Хусусан, сўнгги баҳсда Германияга ютқазилган бўлса, ундан аввал Австриядан 1:5 ҳисобида йирик мағлубият қабул қилиб олинган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг март ойида Дортмунднинг «Боруссия» клуби Аддони истеъдодларни ривожлантириш бўйича мутахассис лавозимидан озод қилгач, у иккинчи марта Гана жамоасини бошқаришга киришган эди. У аввалроқ 2022 йилги Жаҳон чемпионатида ҳам жамоани бошқарган.

Гамбургда туғилган мутахассис футболчилик фаолияти давомида «Боруссия Дортмунд» билан Бундеслигада ғолиб чиққан ва 2006 йилги ЖЧда иштирок этган. Ҳозирда Гана терма жамоаси ўз тарихидаги бешинчи Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда ва «L» гуруҳида Хорватия, Англия ҳамда Панама билан куч синашади. Ганалар турнирдаги илк ўйинини 17 июн куни Торонто шаҳрида Панамага қарши ўтказишади.

Спорт — бир босишда!
Жамиятларимизга обуна бўлинг ва спорт воқеаларидан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг