Расман: Диего Коппола «Париж» футболчисига айланди
Франциянинг «Париж» клуби 22 ёшли марказий ҳимоячи Диего Копполанинг трансферини тўлиқ сотиб олганини расман эълон қилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Аввалроқ «Брайтон»дан ижара асосида жамоага қўшилган италиялик футболчи энди тўлиқ ҳуқуқли равишда «Париж» сафида ҳаракат қилади. Томонлар 2031 йилга қадар амал қиладиган узоқ муддатли шартнома имзолашди.
Коппола ўтган мавсум барча мусобақаларда 23 та учрашувда майдонга тушиб, 4 та голли узатмани амалга оширди.
Диего Коппола «Эллас Верона» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. У асосий жамоадаги дебютини 2021 йил 15 декабрь куни Италия кубоги доирасида «Эмполи»га қарши баҳсда ўтказган. 2022 йил 16 январь куни эса «Сассуоло»га қарши ўйинда илк бор Италия А сериясида майдонга тушган.
2025 йил 17 июнь куни у Англиянинг «Брайтон» клубига кўчиб ўтган эди.