Расман: «Челси» Лиам Розеньорни истеъфога чиқарди
Лондоннинг «Челси» клуби бош мураббий Лиам Розеньор билан хайрлашганини расман эълон қилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати баёнот берди.
«"Челси"нинг барча ходимлари номидан Лиам ва унинг жамоасига клубдаги фаолияти давомида кўрсатган саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирамиз. Мавсум ўртасида тайинланганидан буён Лиам ҳамиша юксак профессионализм ва ҳалоллик намунасини кўрсатиб келди.
Бу қарорни қабул қилиш клуб учун осон бўлмади, бироқ сўнгги натижалар ва ўйин даражаси белгиланган стандартларга жавоб бермаяпти. Олдимизда ҳали қилинадиган ишлар кўп. "Челси"даги барча инсонлар Лиамга келгуси фаолиятида улкан зафарлар тилайди», — дейилади клуб расмий хабарда.
41 ёшли инглиз мутахассиси жорий йилнинг январ ойида «Страсбург»дан «Челси»га келган эди. Унинг клуб билан шартномаси 2032 йилга қадар мўлжалланган бўлишига қарамай, раҳбарият инқироз туфайли ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилди.
Истеъфога асосий сабаб сифатида жамоанинг Англия Премьер-лигаcидаги ўта муваффақиятсиз серияси кўрилмоқда: «аристократлар» сўнгги бешта ўйинда бирорта ҳам гол ура олмай, мағлубиятга учради.
Айни дамда «Челси» 34 та ўйиндан сўнг 48 очко билан турнир жадвалида еттинчи ўринни эгаллаб турибди. 33 та ўйинда 70 очко тўплаган «Арсенал» эса пешқадамликни давом эттирмоқда.