Расман: «Бавария» дарвозабони фаолиятини «Саутгемптон»да давом эттиради
Мюнхенликлар голкиперни инглиз жамоасига ижарага берди.
ФОТО: Getty Images
Германиянинг «Бавария» клуби дарвозабони Даниэл Перес ижара асосида Англиянинг «Саутгемптон» жамоасига ўтди. Бу ҳақда мюнхенликлар матбуот хизмати хабар берди.
Манбага кўра, «Бавария» Даниэл Пересни мавсум охиригача «Саутгемптон»га ижарага берди. 25 ёшли исроиллик дарвозабон мавсумнинг биринчи ярмини «Гамбург»да ижара асосида ўтказди. Энди у Англияда қўшимча тажриба орттиради.
Маълумот учун, Перес «Бавария»га 2023 йил ёзида Тель-Авивнинг «Маккаби» клубидан келиб қўшилган. Ҳозирга қадар у мюнхенликлар сафида 7 та ўйинда майдонга тушган ва ўтган мавсум клуб билан бирга Бундеслига чемпионлигини қўлга киритган. Мюнхендаги фаолияти давомида у Исроил терма жамоасининг асосий таркибидан жой олиб, миллий жамоа сафида 10 та учрашувда иштирок этган.
Насрулло Каримов
Журналист