Расман: «Барселона» Энтони Гордон трансфери эълон қилинди
Каталониянинг «Барселона» клуби ўзининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали «Ньюкасл» қанот ҳужумчиси Энтони Гордон трансфери ҳақида маълум қилди. 25 ёшли вингер кўк-анор ранглилар билан 2031 йилга қадар мўлжалланган узоқ муддатли шартнома имзолади.
«Янги куч ритмимизга қўшилмоқда», — деб хабар беради Каталония клуби матбуот хизмати.
Аввалроқ тарқалган хабарларга кўра, «загизғонлар» директорлар кенгаши ва клубнинг саудиялик эгалари каталонияликларнинг 70 миллион евро кафолатланган таклифини қабул қилишган. Қўшимча бонуслар билан бирга трансфернинг умумий қиймати 80 миллион евродан ошиб кетади.
Якунланган мавсумда Гордон «Ньюкасл» сафида барча турнирлар доирасида 46 та учрашувда майдонга тушиб, 17 та гол ва 5 та ассистга муаллифлик қилди. Transfermarkt портали инглиз футболчисини 60 миллион еврога баҳолаган эди.