Расман: «Астон Вилла» Гарначони ўз сафига қўшиб олди
Ижара муддати бир йилни ташкил этади.
Фото: Aston Villa
Аргентиналик вингер Алехандро Гарначо фаолиятини «Астон Вилла»да давом эттиради. «Челси» 22 ёшли футболчини бир мавсумга ижарага берди. Шу билан Гарначо 2026/27 йилги мавсумни Унаи Эмери жамоасида ўтказади.
Маълумотларга кўра, келишувда маълум шартлар бажарилган тақдирда трансферни доимий асосда расмийлаштириш мажбурияти ҳам мавжуд. Бу ҳолатда «Астон Вилла» Гарначони тахминан 42,5 миллион фунт стерлинг эвазига сотиб олиши мумкин.
Гарначо ўтган йили «Манчестер Юнайтед»дан «Челси»га ўтган эди, аммо лондонликлар сафида доимий асосий таркибдан жой ололмади. Шу сабабли клуб ва футболчи янги мавсум олдидан ижара вариантини маъқул кўришди.
Розикжон Султонмуродов
Журналист