Расман: Ашраф Ҳакими Африкада йилнинг энг яхши футболчиси деб топилди
Африка Футбол Конфедерацияси (CAF) ҳимоячи Ашраф Ҳакимини 2024 йил якунлари бўйича Африканинг энг яхши футболчиси деб эълон қилди. Бу ҳақда ташкилотнинг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилинди.
Ўтган мавсум марокашлик ҳимоячи «ПСЖ» билан тарихий ютуқларга эришди: парижликлар Чемпионлар Лигаси, Франция чемпионати, мамлакат Кубоги ва Суперкубогини қўлга киритди. Шунингдек, Ҳакими бошчилигидаги «ПСЖ» АҚШда бўлиб ўтган Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати финалигача етиб борди.
Ҳакими мавсум давомида барча мусобақаларда 55 та ўйин ўтказиб, 11 та гол урди ва 14 та голли узатма берди — ҳимоячи учун бу жуда юқори кўрсаткич.
Ҳозирда у «Бавария»га қарши ўтказилган Чемпионлар Лигаси умумий босқичининг 4-туридаги ўйинда колумбиялик яримҳимоячи Луис Диаснинг қўполлиги оқибатида чап товонидан олган жароҳатдан тикланмоқда.