Расман: Абдуқодир Ҳусанов «Ман Сити»нинг январ ойидаги энг яхши футболчиси деб топилди
«Манчестер Сити»нинг ўзбекистонлик ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов январ ойи якунларига кўра жамоанинг энг яхши футболчиси деб топилди. Бу ҳақда «шаҳарликлар» матбуот хизмати ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилди.
«Бизнинг жанги ҳимоячимиз», — деб таъриф берди инглиз клуби матбуот хизмати ушбу хабарга Ўзбекистон байроғини илова қилган ҳолда.
Эътиборлиси, Ҳусанов ўз фаолияти давомида иккинчи бор бундай эътирофга лойиқ кўрилмоқда. Бунгача у 2025 йилнинг феврал ойида ҳам «Манчестер Сити»да ойнинг энг яхши футболчиси деб топилган эди.
Якунига етган январ ойида ўзбекистонлик ҳимоячи «шаҳарликлар» сафида барча мусобақаларда 8 та учрашувда майдонга тушди. Ушбу баҳсларнинг 3 тасида жамоа ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган.
Маълумот учун, Ҳусановнинг инглиз клуби билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг ёзига қадар амал қилади. Transfermarkt порталига кўра, футболчининг айни дамдаги бозор қиймати 35 миллион еврони ташкил этмоқда.