Расман: Абдул Рашид Абубакар «Машъал» футболчиси
Муборакнинг «Машъал» жамоаси 2026 йилги мавсум олдидан таркибни кучайтириш борасидаги ишларини давом эттирмоқда. Клуб раҳбарияти ганалик марказий ярим ҳимоячи Абдул Рашид Абубакар билан шартнома имзолади.
2000 йил 16 март куни таваллуд топган (25 ёш) футболчи майдон марказида ишончли ҳаракатлари, юқори жисмоний тайёргарлиги ва универсаллиги билан ажралиб туради. У марказий ярим ҳимоячи позициясидан ташқари таянч ҳамда ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида ҳам самарали ўйнай олади. Бўйи 178 см бўлган Абубакар ўнг оёқли футболчи ҳисобланади.
Абдул Рашид Абубакар профессионал фаолиятини Accra Lions клубида бошлаган. Кейинчалик у халқаро майдонларда тўп суриб, турли мамлакат чемпионатларида тажриба орттирди. Хусусан, Босния ва Герцеговинада FK Sarajevo сафида, Сербияда Loznica жамоасида, Оманда Bahla, Молдовада Spartanii Selemet клублари шарафини ҳимоя қилган. Шунингдек, Қозоғистон Премьер-лигасида Ordabasy ҳамда Atyrau жамоалари таркибида иштирок этган.
Футболчи «Машъал» сафига эркин агент сифатида келиб қўшилди. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, унинг трансфер қиймати 100 минг еврога баҳоланмоқда.