locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Рашид Ғофуров: «Ҳакам ўйин тизгинини қўлдан чиқариб юборди»

“Яйпан” устози “Ғазалкент”га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Рашид Ғофуров: «Ҳакам ўйин тизгинини қўлдан чиқариб юборди»
Фото: Яйпан ФК

Про-лига 6-туридан ўрин олган “Яйпан” – “Ғазалкент” учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Рашид Ғофуров матбуот анжуманида иштирок этди.

— Ўйин ҳақида фикрингиз?
— Бугунги баҳсни ҳамма кўрди. Яна нима дейишим мумкин? “Ғазалкент” жамоасига гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Таркибида ёш, югурувчи, чаққон йигитлар бор. Ҳакам ўйин тизгинини қўлдан чиқариб юборди. Ҳакамлар айбини айтиш менинг зиммамда эмас, буни кўриб чиқадиган қўмита бор.

Фақат битта савол: 80-дақиқада футболчимиз бирга-бир кириб бораётган вазиятда рақиб ўйинчиси уни тўхтатиб қолди. Ҳакам ҳатто қоида бузилишини ҳам бермади. Агар берганида, балки ҳисоб 2:1 бўлиши мумкин эди.

Ҳакамга “Кўзингиз борми?” деган гап учун “қизил” бераверса, билмадим энди. Биринчи бўлимда рақиб яхши ўйин кўрсатди, иккинчи бўлимда биз устунлик қилдик. Ютуқ ортидан мағлубият ҳам бўлиб туради. Нима деймиз энди...

— Биринчи таймда ҳимоячиларингиз жуда бўш ўйнади. Жамоа бахтига дарвозабон Ма’рупов бир неча бор голдан қутқариб қолди. Танассуфда футболчиларга нима дедингиз?
— Тўғри айтяпсиз, биринчи бўлимда негадир ўтириб қолдик. Бизда вазият кўп бўлди дея олмайман. Улардa ҳам, бизда ҳам вазиятлар бўлди. Биз қарши ҳужумда ўйнаб қолдик.
Бу баҳона эмас, лекин шамол бу томонга эсгани учун биринчи таймда тўп умуман юрмади. Футболчиларимиз “шундоқ ютамиз” деган эркинликка берилиб қолди. Ҳар тугул, иккинчи бўлимда ўзимизга келиб олдик.

— Ўйин охирида юз берган вазият ва қизил карточка йигитлар руҳиятига таъсир кўрсатмайдими?
— Албатта, таъсир кўрсатади. Бу ўйин майли ўтди-кетди. Лекин кейинги учрашувни “Арал”га қарши ўтказамиз. Энг яхши футболчиларимизни йўқотдик.
Карточка фақат кейинги турга эмас, ундан кейинги учрашувларга ҳам таъсир қилиши мумкин. Бугун ҳеч қандай ротация қилиш ниятим йўқ эди. Аммо икки нафар футболчини алмаштирганим ўз таъсирини кўрсатди.

Аслида мен ротация қилмоқчи эмасдим. Табиатим шунчаки — ютган таркибни ўзгартирмайман. Лекин бугун иккита ўзгариш ўйинни ўзгартириб юборди. Ҳар уч-тўрт кунда ўйин бўлгани учун икки нафар ўнг қанот ҳимоячи ва ярим ҳимоячига дам бергандим. Улар ўрнига тушганлар ҳам ёмон ўйнамади, лекин барибир бир текис келаётган нарсани чизиғидан чиқариб қўйгандек бўлдик.

— Иккинчи бўлимда деярли майдон четига келиб кўрсатма бермадингиз. Асосан ёрдамчингиз гапирди. Бу жамоа ўйинидан қониққанингиз учун бўлдими?
— Ўйиндан олдин менда ҳаяжон бор эди. Мактаб кўрган футболчиларга эга жамоага қарши ўйнадик. Рақиб ёшлардан иборат бўлса ҳам, худди терма жамоадек яхши ҳаракат қилди.
Мен ўрнимдан тураверсам баҳсни яхши кузата олмасдим. Шу боис ўтириб, жим кузатишни маъқул кўрдим. Керак пайтда бир-икки марта чиқдим, кўнглим ҳам тўқ эди.

— Жамоа бир киши кам бўлиб қолса ҳам яхши ўйин кўрсатди. Жисмоний ҳолат тетик. Алоҳида мураббий ишлаяптими? Клубда моддий муаммо йўқми?
— Моддий муаммолар йўқ ҳисоб. Имкониятимиз “Ғазалкент” даражасида бўлмаса ҳам, ҳар тугул ҳаракат қиляпмиз. Уйда тўп тепганимиз ҳисобига камчилик бўлиб қолган бўлсак-да, буни сездирмасликка ҳаракат қилдик. Фақат иккинчи голдан кейин вақт етмай қолди.

— Жамоа тўққиз киши қолганида ҳимояга ётиб олиб бир очко олиши ҳам мумкин эди.
— Тўғриси, биз дурангни ўйламагандик. Қизил карточкадан кейин ҳам мақсадимиз ғалаба эди. Бир киши кам бўлса ҳам ютиб кетишимиз мумкин эди. Аммо иккинчи “қизил”дан кейин кучимиз етмай қолди. Стандарт вазият панд берди.

— Ўйин тугаганидан кейин юз берган ҳолат бўйича “Яйпан” клуби жаримага тортилиши мумкин. Ўйинчилар ҳакамни урмоқчи бўлишди.
— Ҳаммаси эмоциядан бўлди. Лекин ҳеч кимнинг ҳакамни уриш нияти йўқ эди. Тўғри, футболчилар азартда борди, лекин ҳеч ким ҳакамга қўл кўтармади. Четдан қараганда бу ҳолат хунук кўринди. Бундай вазиятда ўзини ушлаб туриш осон эмас, буни футбол ўйнаган билади.

— Иккинчи қизил карточкали вазиятда ҳакам билан тортишиш шартмиди? Нега футболчингиз бундай йўл тутди?
— Тўғри гапирдингиз. Ўйиндан олдин йигитларга ҳакам Суперлигасини бошқарган, тажрибаси бор деб айтгандим. Ҳакам билан гаплашиш бефойда. Бу вазиятни биз ҳам жамоа ичида таҳлил қиламиз. Агар футболчимиздан айб ўтган бўлса, ўқимиз уни жазолаймиз.

Розикжон Султонмуродов
Розикжон Султонмуродов
Журналист
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг