Рафинья Чемпионлар Лигасининг 1/4 финал босқичи ўйинларини ўтказиб юбориши мумкин
«Барселона» қанот ҳужумчиси Рафинья Бразилия ва Франция терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувида (1:2) олган жароҳати сабабли Чемпионлар Лигасининг 1/4 финал баҳсларини ўтказиб юбориши мумкин. Бу ҳақда AS нашри хабар бермоқда.
Нашр маълумотларига кўра, вингер соннинг икки бошли мушагидан жароҳат олган. Агар мушакларнинг узилиши тасдиқланса, бразилиялик футболчи 8 ва 14 апрель кунлари «матрасчилар»га қарши бўлиб ўтадиган ўйинларда катта эҳтимол билан майдонга тушолмайди.
Жорий мавсумда Рафинья клуб сафида барча турнирлар доирасида 31 та ўйинда иштирок этиб, 19 та гол ва 8 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, унинг бозор қиймати 80 миллион еврога тенг.