Рафинья АПЛ гигантларига рад жавобини берди — у «Барселона»да қолади
«Барселона» ҳужумчиси Рафинья Диас келажаги борасида қарор қабул қилди. Бразилиялик футболчи каталонияликлар билан янги тўрт йиллик шартнома бўйича келишувга эришган ва клубда 2030 йилгача қолиши кутилмоқда. Бу ҳақда TEAMtalk нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, 2026 йил давомида Рафиньяга Англия Премьер-лигасининг барча олти гранди — «Арсенал», «Челси», «Манчестер Сити», «Манчестер Юнайтед», «Ливерпуль» ва «Тоттенҳем» қизиқиш билдирган. Улар орасида айниқса «Тоттенҳем» ёзги трансфер ойнасида бразилиялик футболчини қўлга киритиш учун фаол ҳаракат қилган.
Бироқ Рафиньянинг ўзи «Барселона»ни тарк этишни истамаган. АПЛ клублари ва Саудия Арабистонидан бўлган даъвогарларга футболчи Каталонияда қолишни режалаштираётгани маълум қилинган. Ханси Флик ҳам Рафинья билан янги шартнома тузишни клуб раҳбариятининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаган.
Маълумот учун, 29 ёшли Рафинья жорий мавсумни жуда кучли бошлади — у барча мусобақаларда 8 та учрашувда 14 та гол уриб, 3 та голли узатмани амалга оширди. Бразилиялик футболчи сўнгги икки учрашувнинг ўзида иккита хет-трик қайд этди.