«ПСЖ» Япония терма жамоаси дарвозабонини трансфер қилишга яқин
«Парма» дарвозабони Дзион Судзуки фаолиятини Франция чемпионатида давом эттириши мумкин. Япониялик голкипер ПСЖ таркибига ўтишга яқин, деб хабар берди инсайдер Николо Скира X ижтимоий тармоғида.
Манбага кўра, Париж клуби 23 ёшли футболчи учун 36 миллион евро тўлашга тайёр. Томонлар Судзуки билан 2031 йилга қадар мўлжалланган шартнома борасида ҳам музокара олиб бормоқда.
Шу билан бирга, трансфер бўйича бошқа бир тузилма ҳақида Фабрицио Романо маълумот берди. Унинг ёзишича, битимнинг умумий қиймати бонусларни ҳисобга олган ҳолда 35 миллион еврони ташкил қилиши мумкин. Аввалроқ L'Equipe ҳам худди шу сумма ҳақида хабар берган эди.
Судзуки 2024 йил ёзида Бельгиянинг «Сент-Трюйден» клубидан 7,5 миллион евро эвазига «Парма»га кўчиб ўтган.
Ўтган мавсумда япониялик дарвозабон «Парма» сафида 22 та учрашувда майдонга тушиб, ўз дарвозасидан 30 та гол ўтказиб юборди ва 6 марта рақибларга гол уришга имкон бермади.