«ПСЖ» Витиниянинг жароҳати ҳақида расмий баёнот берди
Португалиялик футболчи «Лион»га қарши ўйинда ўнг товонини шикастлаб олганди.
ФОТО: Getty Images
«ПСЖ» матбуот хизмати жамоа ярим ҳимоячиси Витиниянинг жароҳати борасида расмий баёнот берди. Аввалроқ, хавбек Лига 1нинг 30-туридан ўрин олган «Лион»га қарши баҳсда (1:2) жароҳат олган эди.
«Лион» билан ўйинда ўнг товонидан жароҳат олган Витиния яқин бир неча кун давомида даволанишда давом этади. Ҳафта якунига қадар у яна бир бор тиббий кўрикдан ўтказилади», – дейилади «ПСЖ» расмий сайтида эълон қилинган хабарда.
Таъкидлаш жоизки, саккиз кундан сўнг, яъни 28 апрел куни Париж клуби Чемпионлар Лигаси яримфиналининг дастлабки учрашувида Мюнхеннинг «Бавария» жамоасига қарши майдонга тушади.
Жорий мавсумда Витиния барча турнирлар доирасида 45 та учрашувда иштирок этиб, 7 та гол ва 10 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйган.
Насрулло Каримов
Журналист