«ПСЖ» ва «Челси» ўртасидаги учрашув сўнгида Нетунинг ҳаракатлари сабаб жанжал юзага келди
УЕФА Чемпионлар Лигасининг 1/8 финал босқичи доирасида бўлиб ўтган «ПСЖ» ва «Челси» жамоалари ўртасидаги учрашув якунланганда футболчилар орасида оммавий келишмовчилик юзага келди. Мазкур баҳс парижликларнинг 5:2 ҳисобдаги ғалабаси билан якунланди.
Учрашувнинг 90+2-дақиқасида лондонликлар вингери Педру Нету майдон ташқарисида тўпни олиб берувчи болбойдан тўпни тажовузкор тарзда тортиб олишга ҳаракат қилди. Нету болакайнинг кўкрак қисмидан итариб юборгани натижасида у майдонга йиқилган. Ушбу ҳолатдан сўнг «ПСЖ» футболчилари ёш стюартнинг ёнини олишди ва майдонда оммавий тартибсизлик бошланди.



Тўқнашув тахминан икки дақиқа давом этган. Ҳақамлар иштирокчиларни тинчлантиришга муваффақ бўлишди ва шуниси эътиборга лойиқки, мазкур вазиятда бирорта ҳам футболчига карточка кўрсатилмади.
Ушбу воқеадан сўнг дарҳол «ПСЖ» учрашувдаги бешинчи голини киритишга муваффақ бўлди. Жамоалар ўртасидаги жавоб учрашуви 17 март куни Лондондаги «Стэмфорд Бридж» стадионида бўлиб ўтади.