ПСЖ ультраслари Марселга сафар тақиқига қарши чиқди
ПСЖнинг асосий мухлислар гуруҳи — Collectif Ultras Paris “Марсел”га қарши сафар учрашувига боришни тақиқловчи қарорга қарши ҳуқуқий кураш бошлашини маълум қилди. Гуруҳ тақиқни бекор қилдириш учун Франция Давлат кенгашига шошилинч тартибда мурожаат қилишга қарор қилган. Бу ҳақда Collectif Ultras Paris расмий баёнотида маълум қилди.
Манбага кўра, ультраслар ўз адвокатига Ички ишлар вазирлигининг сафар тақиқини судда баҳслашиш ва Марсел префектурасининг аввалги қарорини бекор қилдириш вазифасини топширган. CUP вакиллари 2015 йилдан буён “Велодром”га бориш имконидан маҳрум бўлиб келаётганини таъкидлаб, 11 йиллик узлуксиз тақиқларни нормал ҳолат деб ҳисобламаслигини билдирган.
Франция Ички ишлар вазирлиги 20 сентябрь куни ПСЖ мухлисларининг Иль-де-Франс ҳудудидан Марселга якка тартибда ёки жамоавий равишда сафар қилишини тақиқлади. Расмий қарорда икки клуб мухлислари ўртасидаги узоқ йиллик кескинлик, аввалги тўқнашувлар ва жамоат тартибига таҳдид асосий сабаб сифатида кўрсатилган.
Маълумот учун, ПСЖ мухлислари 2015 йилдан буён 11 йил давомида Марселдаги сафар учрашувларига бора олмаяпти. Шу вақт ичида ҳудудда 6 нафар префект алмашган. Расмий ҳужжатга кўра, ҳозирда 46 нафар ПСЖ ва 26 нафар “Марсел” мухлиси маъмурий, яна 13 нафар парижлик ва 15 нафар марселлик мухлис суд қарори билан стадионларга киришдан четлатилган.