«ПСЖ» Мбаппедаги қарзини қисман тўлади, бироқ низо ҳали ҳам давом этмоқда
Франциянинг «ПСЖ» клуби суд қарорига мувофиқ, «Реал» ҳужумчиси Килиан Мбаппега қолган 6 миллион евро қарздорликнинг 4 миллион евросини ўтказиб берди. Бироқ томонлар ўртасидаги молиявий низо ҳали тўлиқ барҳам топгани йўқ. Бу ҳақда L’Équipe нашри хабар бермоқда.
Манбанинг ёзишича, Париж клуби суд ижрочиларининг ташрифидан сўнг собиқ ҳужумчисига тўловнинг бир қисмини амалга оширган. Аввалроқ меҳнат суди «ПСЖ» зиммасига футболчига иш ҳақи, бонуслар ва фоизлар билан бирга жами 60,9 миллион евро компенсация тўлаш мажбуриятини юклаган эди.
Асосий сумма аввалроқ тўлаб берилган бўлса-да, қолган 2 миллион евролик фарқ ҳамон баҳсларга сабаб бўлмоқда. Клуб раҳбарияти футболчи билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилинганини даъво қилмоқда, Мбаппе томони эса буни рад этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ушбу можаро 2024 йилнинг ёзида Мбаппенинг эркин агент сифатида «Реал»га ўтиши ортидан юзага келган эди. Музокаралар давом этмоқда ва суд органларининг яна бир бор аралашиши эҳтимоли йўқ эмас.