«ПСЖ» «Лейпциг» ҳужумчиси Ян Диомандни ўз сафига қўшиб олмоқчи — Романо
Франциянинг «Пари Сен-Жермен» клуби «РБ Лейпциг» жамоасининг иқтидорли ҳужумчиси Ян Диомандга жиддий қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда таниқли инсайдер ва журналист Фабрицио Романо маълум қилди.
Манбага кўра, футболчи учун курашда Европанинг бир қатор бошқа гранд клублари ҳам иштирок этмоқда. Ўз навбатида, «РБ Лейпциг» раҳбарияти ҳужумчини камида яна бир мавсум жамоада олиб қолиш мақсадида у билан амалдаги шартномани узайтиришга ҳаракат қилмоқда. Якуний қарор эса футболчининг ўзига боғлиқ бўлиб турибди.
Ян Диоманд жорий мавсумда барча мусобақаларда жами 30 та учрашувда майдонга тушиб, 11 та гол ва 8 та самарали узатмага муаллифлик қилди. Унинг немис клуби билан амалдаги шартномаси 2030 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.
Transfermarkt портали таҳлилий маълумотларига кўра, 21 ёшли футболчининг айни дамдаги бозор қиймати 75 миллион еврони ташкил этмоқда.