«ПСЖ» футболчилари «Арсенал»ни мағлуб этса, 1 млн евро миқдорида мукофот пули олади
Франциянинг ПСЖ клуби футболчилари бугун, 30 май куни Чемпионлар Лигаси финалида «Арсенал» устидан ғалаба қозонадиган бўлишса, жамоанинг ҳар бир аъзоси тахминан 1 миллион евро миқдорида мукофот пули олади. Бу ҳақда нуфузли L’Équipe нашри хабар тарқатди.
Манбанинг маълум қилишича, парижликлар ўтган мавсумдаги ЁЧЛ финалида «Интер»ни 5:0 ҳисобида тор-мор этиб, чемпионликни қўлга киритганларида ҳам айнан мана шунчадан мукофот пули ишлаб олишган эди.
Таъкидланишича, ушбу бонуслар миқдори мавсум аввалидаёқ муҳокама қилинган. Франция гранди раҳбарияти билан олиб борилган музокараларда жамоанинг тўрт нафар сардори — Маркиньос, Усмон Дембеле, Ашраф Ҳакими ва Витинья иштирок этган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу учрашув Будапештдаги «Пушкаш Арена» стадионида бўлиб ўтади. Баҳсни ҳакам Даниел Зиберт бошқариб боради. Ўйин Тошкент вақти билан соат 21:00 да старт олади.