«ПСЖ» Дембеле ва Барколя билан шартномани узайтирмоқчи
«Пари Сен-Жермен» клуби вингерлар Усмон Дембеле ва Бредли Барколя билан шартномани узайтириш бўйича музокараларни бошлашга қарор қилди. RMC Sport хабарига кўра, ҳар икки футболчининг амалдаги битими 2028 йилга қадар мўлжалланган.
Манбага кўра, Париж клуби аллақачон футболчиларга дастлабки оғзаки таклифларни билдирган ва уларнинг атрофидагилари билан мулоқот ўтказган. Таъкидланишича, «ПСЖ» жамоа ичидаги мувозанатни бузмаслик учун футболчиларга маошни кескин оширишни режалаштирмаяпти. Шу сабабли музокаралар бир неча ҳафта давом этиши кутилмоқда.
Хабарда қайд этилишича, Дембеле томони ўтган мавсумдаги энг яхши футболчи мақомига мос шартларни кутмоқда, бироқ Парижда сўнгги бор шартномаси узайтирилган Килиан Мбаппе даражасидаги молиявий талабларни қўйиш ниятида эмас. Барколя эса ҳозирча келажаги борасида аниқ қарорга келмаган. Агар у янги битимни рад этса, «ПСЖ» уни қўйиб юборишга ва бошқа вингер билан шартнома имзолашга тайёр.
28 ёшли Дембеле ва 23 ёшли Баркола «ПСЖ» сафида 2023 йил ёзидан буён тўп суриб келмоқда. Шу вақт оралиғида Дембеле барча турнирларда 111 та учрашувда майдонга тушиб, 47 та гол ва 34 та голли узатма муаллифига айланган. Барколя эса 126 та ўйинда 31 та гол ва 34 та ассист қайд этган. Transfermarkt порталига кўра, Дембелега бозор баҳоси 100 миллион евро, Барколяники эса 70 миллион еврога тенг.