ПСЖ Чемпионлар Лигасида 150 миллион евро ишлаб олиши мумкин
“Пари Сен-Жермен” 2026/27 йилги мавсум Чемпионлар Лигасида муваффақиятли иштирок этса, турнирдан қарийб 150 миллион евро даромад олиши мумкин. Агар парижликлар мусобақада ғолиб чиқса, клубнинг УЕФА томонидан оладиган умумий тўловлари шу миқдорга етиши кутилмоқда. Бу ҳақда The Touchline’га таяниб, Euro-Football хабар берди.
ПСЖ турнирдаги натижаларидан қатъи назар, Value Pillar дастури орқали 63,97 миллион евро олиши кафолатланган. Мазкур тизимда клубнинг УЕФА рейтингидаги ўрни, медиа бозордаги қиймати ва бошқа тижорий кўрсаткичлари ҳисобга олинади.
Қолган даромад эса жамоанинг Чемпионлар Лигасидаги натижаларига боғлиқ бўлади. Ғалабалар, умумий босқичдаги ўрин ва плей-офф босқичларидан ўтиш учун алоҳида бонуслар ажратилади. Шу сабабли ПСЖ яна финалгача етиб бориб, бош совринни қўлга киритса, умумий тушум 150 миллион еврога яқинлашиши мумкин.
Маълумот учун, “Пари Сен-Жермен” Чемпионлар Лигасининг сўнгги икки мавсумида ғолиб чиққан. Луис Энрике жамоаси янги мавсумдаги илк учрашувини 9 сентябрь куни ўз майдонида “Слован Братислава”га қарши ўтказади.