«ПСВ» кетма-кет учинчи бор Нидерландия чемпионлигини қўлга киритди
Эйндховеннинг «ПСВ» клуби муддатидан аввал Эредивизия ғолиблигини расмийлаштирди. Нидерландия чемпионатининг 29-турида «Фейеноорд» жамоаси «Волендам» билан дуранг ўйнади (0:0) ва турнир жадвалида пешқадамга етиб олиш имкониятидан бутунлай маҳрум бўлди.
«ПСВ» эса 29-тур доирасида «Утрехт»га қарши кечган муросасиз баҳсда 4:3 ҳисобига ғалаба қозониб, чемпионат якунланишига 5 тур қолганда бош совринни нақд қилди. Айни дамда иккинчи ўринда бораётган «Фейеноорд» пешқадамдан 17 очко орқада қолмоқда. Кучли учликни «НЕК Неймеген» жамоаси якунлаб турибди.
Ушбу ғалаба орқали «ПСВ» ўз тарихида 27-марта Нидерландия чемпионига айланди. Шунингдек, клуб ҳисобида 11 та мамлакат Кубоги ва 15 та Миллий Суперкубок мавжуд. «Қизил-оқларнинг» халқаро майдондаги ютуқлари ҳам салмоқли бўлиб, улар Европа чемпионлари кубоги ҳамда УЕФА кубоги соҳиби ҳисобланишади.