Профессионал клублар U21 чемпионати ўйинлари бир кун аввал ўтишига кўпроқ овоз берди
20 октябр куни профессионал футбол клублари раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда U21 чемпионати ўйинларининг бир кун олдин ёки кейин ўтиши масаласи ҳам муҳокамаларга сабаб бўлди.
Лига сўнгги уч мавсум давомида U21 чемпионати учрашувларини бир кейин ўтказиб келди. Бундай қарорга келиниши Олимпик футбол клубининг ташкил этилиши билан бевосита боғлиқ ҳисобланади. Клуб бош мураббийи сифатида Тимур Кападзе бунинг афзалликлари масаласида Лига билан учрашув ўтказган. Кейинчалик Иван Бошкович ва унинг қаторида ёш иқтидорли футболчиларга нисбатан кўпроқ имконият тақдим этувчи айрим клублар бу ғояни қўллаб-қувватлаганди.
Клублар раҳбарлари иштирокидаги йиғилишда Қашқадарёнинг уч футбол клуби мазкур масалани қайта кўриб чиқиш таклифини киритди. Бу фикр яна бир қатор клублар томонидан қўллаб-қувватланди. Якунда эса Лига мазкур масалани овозга қўйиши, ўз навбатида клублар бош мураббий ва бошқа мутахассислари билан маслаҳатлашган ҳолда, Лигага ўзининг якдил овозини тақдим этиши юзасидан келишувга эришилди. Ўз навбатида Лига 17 клуб иштирок этадиган овоз бериш жараёнида минимум 10 та клуб янги таклифни ёқлаб овоз берса, регламентга тегишли ўзгартириш киритилишини маълум қилди.
Овоз бериш якунига кўра, айнан 10 та клуб юқоридаги таклифни қўллаб-қувватлади. Қашқадарёнинг уч клуби сафига Нефтчи, Қўқон-1912, ОКМК, Динамо, Қизилқум, Бухоро ва Хоразм клублари ҳам қўшилди. Шундан келиб чиққан ҳолда 2026 йилги мавсумда У21 чемпионати беллашувлари асосий таркиб ўйинидан 1 кун аввал ўтказилиши масаласи “Суперлига регламенти”га киритилди.