Португалия ва Нидерландия мухлислари ЖЧ-2026ни бойкот қилишга чақирмоқда
Португалия ва Нидерландия мухлислар уюшмалари 2026 йил ёзида АҚШ, Мексика ва Канадада бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатини бойкот қилишга чақирмоқда. Бу ҳақда RMC Sport нашри хабар бермоқда.
Мазкур ташаббусга FIFA томонидан турнир учрашувлари учун белгиланган чипта нархларининг ҳаддан ташқари юқорилиги сабаб бўлган. Хусусан, финал баҳсига чипта нархлари 2022 йил Қатарда ўтказилган жаҳон чемпионати финалига нисбатан олти-етти баравар қимматроқ экани таъкидланмоқда.
Айрим мухлислар бир неча йил давомида чипта сотиб олиш учун маблағ йиғган, бироқ ҳозирги нархлар фонида улар мундиалга бориш-бормаслик масаласида иккиланиб қолган.
Шунингдек, Франциядаги бир қатор мухлислар уюшмалари ҳам бойкотни жавоб чораси сифатида кўриб чиқмоқда. Айни пайтда улар бу масалада Франция футбол федерациясидан қўллаб-қувватлаш сўраб мурожаат қилган.