«Порту» Якуб Кивёр трансферини расман эълон қилди
Португалиянинг «Порту» клуби Англиянинг «Арсенал» жамоаси ҳимоячиси Якуб Кивёрни сотиб олганини расман эълон қилди. Трансфер суммаси 17 миллион евродан иборат бўлди, яна 5 миллион евро эса бонуслар кўринишида кўзда тутилган. Шунингдек, футболчи келажакда бошқа клубга сотилган тақдирда, португалияликлар «тўпчилар» ҳисобига яна 2 миллион евро ўтказиб беради.
Кивёрнинг «Порту» билан шартномаси 2030 йилгача имзоланди. Келишувга кўра, футболчининг товон пули миқдори 70 миллион евро этиб белгиланди.
26 ёшли поляк ҳимоячиси Португалия чемпионатининг жорий мавсумида 24 та учрашувда майдонга тушиб, битта самарали узатмага муаллифлик қилди. Шунингдек, унинг ҳисобида Европа Лигаси доирасидаги 8 та ўйин ва битта голли узатма ҳам мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Порту» жамоаси «Алверка» устидан ғалаба қозониб (1:0), муддатидан аввал мамлакат чемпионлигини қўлга киритган эди. Бу клуб тарихидаги 31-чемпионлик унвонидир. Айни дамда «аждарлар» 32 ўйиндан сўнг 85 очко тўплаган ҳолда Примейра турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда.