Пол Погба фаолиятини МЛСда давом эттириши мумкин — манба
Франция терма жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси Пол Погба фаолиятини АҚШ чемпионати — МЛСда давом эттириш арафасида. «Монако» билан шартномасини бекор қилган 33 ёшли футболчи айни пайтда янги жамоа изламоқда. Бу ҳақда инсайдер Экрем Конур хабар бермоқда.
Манбага кўра, Погбанинг вакиллари август ойидан буён МЛСнинг бир нечта клуби билан музокаралар олиб бормоқда. Хусусан, француз футболчисига «Нью-Йорк Сити», «Ди-Си Юнайтед» ва «Интер Майами» жамоалари қизиқиш билдирган. Ҳозирча томонлар ўртасида расмий келишувга эришилгани ҳақида маълумот йўқ.
Погба 2025 йил ёзида «Монако» сафига қўшилган эди. Бироқ жароҳатлар ва узоқ муддатли танаффусдан кейин спорт формасини тиклашдаги қийинчиликлар сабаб футболчи жамоанинг асосий таркибидан мустаҳкам жой эгаллай олмади. Натижада 2026 йил август ойида клуб ва футболчи ўзаро келишув асосида шартномани муддатидан аввал бекор қилди.
Маълумот учун, Пол Погба 2025/26 йилги мавсумда «Монако» сафида Франция чемпионатининг 6 та учрашувида майдонга тушиб, гол ёки голли узатма қайд этмади. Фаолияти давомида «Манчестер Юнайтед» ва «Ювентус» клубларида ҳам тўп сурган ярим ҳимоячи 2018 йилда Франция терма жамоаси билан жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. Transfermarkt портали унинг бозор қийматини 2 миллион еврога баҳоламоқда.