Пирло Италия терма жамоасини бошқариши мумкин
Афсонавий футболчи ва мураббий Андреа Пирло Италия терма жамоаси бош мураббийи лавозимига асосий номзодлардан бирига айланди. Бу ҳақда La Gazzetta dello Sport хабар бермоқда.
Манбага кўра, Италия футбол федерациясининг янги техник директори Паоло Мальдини ҳамда унинг маслаҳатчиси Леонардо миллий жамоа бош мураббийлиги учун айнан Пирло номзодини устувор вариант сифатида кўриб чиқмоқда.
Шунингдек, федерация раҳбарияти Пеп Гвардиола, Антонио Конте ва Роберто Манчини номзодларини ҳам ўрганмоқда. Хабар қилинишича, ҳафта охирига қадар якуний танлов амалга оширилади. Шундан сўнг Италия футбол федерацияси президенти Жованни Малаго танланган мутахассис билан расмий музокараларни бошлаш бўйича қарор қабул қилади.
Эслатиб ўтамиз, Андреа Пирло 2025 йил ёзидан буён БААнинг иккинчи дивизионида иштирок этувчи «Дубай Юнайтед» клубини бошқариб келмоқда. 47 ёшли мутахассис фаолияти давомида «Ювентус», Туркиянинг «Фатих Карагюмрюк» ва Италиянинг «Сампдория» жамоаларида ҳам бош мураббий сифатида ишлаган.